Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Микробиология институтининг Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги “InnoWeek.Uz-2021” халқаро инновацион ғоялар ҳафталигида намойиш қилган ишланмалари тўғрисида қисқача маълумот


Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Микробиология институти Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан жорий йилнинг 22-27 ноябрь кунлари ўтказилаётган “InnoWeek.Uz-2021” халқаро инновацион ғоялар ҳафталигида қуйидаги ишланмалар билан қатнашди.

1. “Фитобиосол” универсал биопрепарати - ўсимлик ва тупроққа полифункционал таъсир механизмига эга, шўрланган тупроқ ҳолатини, структураси ва физик-кимёвий хоссаларини яхшиловчи, унинг унумдорлигини оширувчи ва сақловчи хусусиятга эга бўлган экологик тоза янги биологик восита. Бу биопрепарат Қорақалпоғистон Республикаси, Самарқанд, Навоий ва Хоразм вилоятларида кенг миқёсда дала тажриба синовларидан ўтказилган.

2. “Лактопрополис” биологик фаол қўшимча препарати - маҳаллий Lactobacillus rhamnosus 925, Propionibacterium avidum 1 ва прополиснинг биологик фаол фракцияларидан ташкил топган ва ошқозон ҳамда ичак ярасининг олдини олиш ва даволаш учун мўлжалланган препарат. Препарат ошқозонда Helicobacter pylori патогенининг миқдорини камайтиради ва ошқозон-ичак микрофлорасини яхшилайди. Ошқозон яраси касаллигини олдини олиш ва комплекс даволаш учун тавсия қилинади. Мамлакатимизда унинг аналоглари мавжуд эмас.

3. “Микрозим-1” ва “Микрозим-2” биопрепаратлари - қишлоқ хўжалиги экинлари ҳосилдорлигини ошириш ва турли касалликлардан самарали ҳимоя қилиш воситаси сифатида яратилган экологик хавфсиз биопрепаратлар. Жумладан, «Микрозим-2» биопрепарати нафақат мамлакатимизда, балки қўшни тожикистонлик деҳқонлар томонидан тажриба қилиб, синовдан ўтказилди ва маъқулланди. Биопрепаратдан 2021 йилда «Фарнико Тожикистон» МЧЖ билан тузилган шартнома асосан 4230 л ҳажмда юборилди ва маҳаллий «Ориён» органик пахта навини етиштиришда ишлатилди.

4. «Бактовит» пробиотикли озуқа қўшимчаси - чорва моллари ва паррандалар иммунитетини ошириш, уларнинг ошқозон-ичак тизимидаги бактериал касалликларнинг олдини олиш ва даволаш ҳамда овқат ҳазм қилишини яхшилаш хусусиятига эга бўлган пробиотикли озуқа қўшимчаси. Ушбу озуқа қўшимчасини қўллаш озуқанинг энергетик қийматини кўпайтирибгина қолмай, балки ҳайвонлар маҳсулдорлигини 20 %гача ошириб озуқа сарфини 18-20 %гача тежалишига олиб келади. Пробиотикли озуқа қўшимчасидан антибиотик алтернативаси сифатида ҳам фойдаланса бўлади.

5. «Имбиокон» биоконсерванти - қишлоқ хўжалиги ва чорвачиликда ем-хашакни қайта ишлаш, силос ва сенаж тайёрлаш учун мўлжалланган. Унинг асосида тайёрланган силос ва сенаж патоген микрофлора ва микотоксинлардан ҳимояланган юқори сифатли маҳсулот бўлишига эришилди. «Имбиокон» озуқани оқсил ва витаминлар билан бойитади, овқат ҳазм қилишни яхшилайди ва чорва маҳсулдорлигини оширади. Ишланма Ўзбекистон Республикаси Интеллектуал мулк агентлиги томонидан фойдали модель сифатида патентланган.

6. “ProbioKolit” биологик фаол қўшимчаси - ичак яллиғланиш касалликларини олдини олиш ва даволаш учун мўлжалланган. Мазкур қўшимчани ишлаб чиқариш учун Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг тегишли рухсатномаси олинган.

7. “Теоретические и практические основы выщелачивания благородных металлов” ўқув қўлланмаси - Навоий кон-металлургия комбинати стендида Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Микробиология институти ва комбинат ҳамкорлигида фундаментал, амалий ва инновацион тадқиқот ишларини юксалтириш, фойдали қазилмалар биотехнологияси ва геотехнологияси ҳамда уларга турдош соҳалар мутахассислари, докторантлар, магистрлар ва талабалар учун мўлжалланган Қ. Санақулов, Т.Ш. Мирзаев, Қ.Д. Давранов ҳаммуаллифлигидаги “Теоретические и практические основы выщелачивания благородных металлов” илмий нашрининг тақдимоти бўлди.

“InnoWeek.Uz-2021” халқаро инновацион ғоялар ҳафталигида кўргазмага ташриф буюрган аксарият қатнашчилар ва меҳмонлар институт ишланмалари билан яқиндан танишди ва уларни қизиқтирган саволларга етарли жавоб олишди.

“InnoWeek.Uz-2021” халқаро инновацион ғоялар ҳафталигига ташриф буюрганлар қаторида Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари А.А. Абдуҳакимов, ЎзР Президенти маслаҳатчилари А.А. Абдувоҳидов ва Р.А. Ғуломов ҳамда ўринбосарлари Г.К. Саидова ва О.О. Ҳакимов, ЎзР Фанлар академияси вице-президенти Б.Т. Ибрагимов ва Бош илмий котиби Г.А. Бахадиров, шунингдек, мамлакатимизнинг турли ишлаб чиқариш корхоналари, агрокластерлари, фермер хўжаликлари, тадбиркорлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари ва чет элликлар ишланмаларга қизиқиш билдирдилар.

“InnoWeek.Uz-2021” халқаро инновацион ғоялар ҳафталиги доирасида илмий-инновацион изланишларни ишлаб чиқаришга кенг жалб этиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Микробиология институти бир қатор хўжалик шартномаларини имзолади.