12.07.2021

Тур: 30 тур    

Лойиҳа номи:   «ТУПРОҚ УНУМДОРЛИГИНИ ТИКЛОВЧИ ҲАМДА ТОКСИК ЭЛЕМЕНТЛАРНИ ПАРЧАЛОВЧИ ФОЙДАЛИ МИКРООРГАНИЗМ ГУРУҲЛАРИ АСОСИДА КОМПЛЕКС ТАЪСИР ЭТУВЧИ ЯНГИ АВЛОД БИОПРЕПАРАТЛАР ЯРАТИШ»
Йўналиши: “Қишлоқ хўжалиги ва атроф-муҳит муҳофазаси фанлари”

Лойиҳа давомийлиги: 2021 – 2023 йй.

Лойиҳа раҳбари: биология фанлари доктори (DSc), ЎзРФА Микробиология институти етакчи  илмий ходими Кадирова Гулчехра Хакимовна

 

Лойиҳанинг долзарблиги: Ҳозирги кунда атроф-муҳитнинг экологик хавфсизлиги замонамиз давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан биридир. Чунки қишлоқ хўжалигида тупроқларнинг оғир металлар (ОМ), пестицидлар билан ифлосланиши, агрокимёвий ҳолатининг ёмонлашуви, пировардида етиштирилаётган маҳсулотларнинг экологик жиҳатидан истеъмолга яроқсиз холатга келиши натижасида экспорт салоҳиятини тушиб кетишига, инсон саломатлигига токсикантларнинг салбий таъсири натижасида турли хилдаги касалликларни келиб чиқишига сабаб бўлмоқда.

Маълумки ҳозирги кунда Республикамизда кенг кўламда автомбил хамда турли хилдаги нефть ва газни қайта ишлаш  саноатларининг тез ва барқарор ривожланиши халқимиз эҳтиёжларини қондиришга қаратилган. Бу эса ўз навбатида сув ва тупроқ ресурсларининг турли токсик элементлар билан ифлосланишига олиб келмоқда.   

Ифлосланиш натижасида ҳолсизланган, унумдорлиги кескин  пасайган  тупроқларни қайта тиклаш, қишлоқ хўжалигида яроқсиз ҳолга келиб қолган тупроқларни агрокимёвий ҳамда экологик ҳолатини биологик  қайта тиклаш долзарб масалалардан бўлиб, тупроқ таркибида тўпланиб бораётган оғир металларни бир турдан иккинчи турга ўтказувчи, заҳарлилик таъсирини камайтирувчи ҳамда қолдиқ пестицидларни парчаловчи фаол микроорганизмлар штаммлари асосида янги турдаги биопрепаратлар ишлаб чиқарилиши ўта муҳимдир.    

Шу ўринда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 17 июндаги “Қишлоқ хўжалигида ер ва сув ресурсларидан самарали фойдаланиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-5742-сон Фармонининг “Йўл харитаси”нинг 2-иловаси 16-банди ижросини таъминлаш бўйича чора-тадбирлар режасида белгиланган “Тупроқнинг унумдорлигини тикловчи ҳамда токсик элементларни парчаловчи микроорганизм гуруҳларини танлаб олиш ва комплекс равишда тупроқ таркибига инокуляция қилиш” бўйича кенг кўламда ишлар олиб борилиши кўрсатиб ўтилган.

Таъкидлаш зарурки, микроорганизмлар ўзини ўта таъсирчан  компонентлардан  ҳимоя қилиш учун ҳужайра ҳаракат стратегиясини, яъни оғир металлга қаршилик тизимини ишлаб чиқаради. Барқарорлик даражаси микроорганизмларнинг бир неча омиллари билан белгиланади: металлнинг тури ва миқдори, ҳар бир металлнинг нормал метаболизмда тутган ўрни; плазмида ва хромосомаларда ёки транспозонларда  жойлашган металлга нисбатан қаршиликни бошқарувчи генларнинг мавжудлиги ва бошқалар.

Юқоридаги фикрлардан келиб чиққан ҳолда ушбу лойиҳанинг асосий мақсади тупроқ таркибининг оғир металлар билан ифлосланишини олдини олиш учун оғир металлар билан турли даражада сунъий заҳарлантирилган тупроқ – модел тизимидан ва ифлосланган экотизимлардан  токсик таъсирга чидамли, оғир металларни тўпловчи, пестицидларни парчаловчи, уларнинг салбий таъсирини камайтирувчи микроорганизмларнинг янги штаммларини ажратиб олиш, ҳамда ҳозирги кунга қадар аниқланган коллекция штаммларини тупроқ таркибига интродукциялаш ва тупроқ таркибида мавжуд токсик элементларни умумий ва ҳаракатчан шаклларини камайтириш ҳамда тупроқнинг агрокимёвий ҳолатини қайта тиклаш учун янги турдаги биопрепаратлар ҳамда тавсиялар ишлаб чиқишдан иборат.

 

 

 

Тур: 17 тур    

Лойиҳа номи: «КЕНГ КЎЛАМЛИ БИОПРОТЕКТОР ПРЕПАРАТЛАРНИ ЯРАТИШ УЧУН ЭНДОФИТ ЗАМБУРУҒЛАРДАН МЕЛАНИН СУБСТАНЦИЯСИ ОЛИШ»

Йўналиши: “Биологик фанлари”

Лойиҳа давомийлиги: 2021 – 2023 йй.

Лойиҳа раҳбари: биология фанлари доктори (DSc), профессор ЎзРФА Микробиология институти лаборатория мудири Гулямова Тошхон Гафуровна

 

Лойиҳанинг долзарблиги: Саноат миқёсида, хавфсиз, осон парчаланувчи ва экологик тоза маҳсулотларга бўлган қизиқишининг тобора ортиб бораётганлиги, микробиологик пигментлар ишлаб чиқариш каби тадқиқотларнинг янги йўналишининг юзага келишига сабаб бўлди. Замбуруғлар қимматли пигментлар манбаи ҳисобланади, улар арзон озуқа муҳитида кўп миқдорда пигмент маҳсулотларини синтезлайди, бу эса саноат миқёсида иқтисодий самарадорликни таъминлайди.

Баъзи замбуруғлар тўқ жигарранг пигмент-меланин, фенолли бирикмаларнинг оксидловчи полимеризацияси натижасида ҳосил бўлган глутаминил-3,4-дигидроксибензол (ДГБ) ёки катехол ёки 1,8-диҳидрокси-нафталин (ДГН) ёки 3,4-диҳидроксифенилаланин (ДОФА) каби бирикмаларни ҳосил қилади. Ушбу пигмент (меланин) замбуруғларни турли зарарли шароитлардан ҳимоя қилиш қобилиятига эга, стрессга жавобан ҳосил бўлган фаол кислородни зарарсизлантиради. Антиоксидант фаоллигидан ташқари, меланин бошқа биологик фаолликлар, жумладан терморегулятор, радио ва фотопротектив, антибактериал ва антивирус, цитотоксик, яллиғланишга қарши ва иммуномодуляторлик каби хусусиятларни ўзида намоён қилади.

Кўплаб тадқиқотлар шуни кўрсатдики, муҳитнинг таркиби ва ферментация шароитлари замбуруғларда пигмент ишлаб чиқарилишига таъсир қилади ва бу параметрларни ўзгартириш орқали пигмент синтези жараёнини тезлаштириш ва маҳсулот миқдорини ошириш мумкин. Илмий маълумотларга кўра, Laetiporus sulphureus, Hypoxylon archeri ва Lachnum катта миқдорда меланин синтез қила олиш хусусиятига эга.

Шу такидлаш жоизки, эндофит замбуруғларда меланин ҳосил бўлиш жараёни кам ўрганилгандир. Бундан ташқари, меланиннинг янги биологик функциялари ва уни турли биотехнологик мақсадларда; биомедицина, дермокосметика, материалшунослик ва нанотехнологияларда қўллаш истиқболлари бўйича тадқиқотлар сони ортиб бориши, замбуруғ меланинини ишлаб чиқариш технологияларини ишлаб чиқишга қаратилган изланишларнинг долзарблигини кўрсатмоқда.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, ушбу лойиҳанинг мақсади сифатида - Ўзбекистон ҳудудида ўсувчи ўсимликлардан ажратиб олинган, Alternaria, Cladosporium, Sclerotium ва Ulocladium, оилаларига кирувчи эндофит замбуруғларнинг меланин ҳосил қилиш хусусиятларини ўрганиш ҳисобланади.

Лойиҳа Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 20 апрелдаги ПҚ-2911-сон "Республика фарматсевтика саноатининг жадал ривожланиши учун қулай шарт-шароитларни яратиш чора-тадбирлари тўғрисида" қарорига мувофиқ амалга оширилади. Республикада фармацевтика саноатининг янада ривожланишини таъминлаш, ички бозорни юқори сифатли ва самарали маҳаллий дори-дармонлар ва тиббий асбоб-ускуналар билан тўлдириш, импорт ўрнини босувчи дори-дармонларни ишлаб чиқаришни кенгайтириш мақсадида, ушбу тадқиқот ишлари республикада меланин пигментлари асосида маҳаллий самарали биопротектив дори-дармонларни ишлаб чиқариш учун жуда муҳимдир.